Турмуш ўртоғим ногирон, қизим ўқишга кириш учун янги имтиёздан фойдалана оладими?

Олий таълим муассасаларига грантга кириш учун берилган имтиёз тўғрисида. Турмуш ўртоғим I гуруҳ ногирони. Шу сабабли, қизим шу йил олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун янги имтиёзлардан фойдалана оладими?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 402-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра, олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсиянома берилиши мумкин.

Қарор билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 2-бандига мувофиқ:

ОТМларга ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул бўйича бўлиб ўтадиган танловда иштирок этиш ҳамда грант асосида ўқишга кириш учун тавсиянома олиш имконига қуйидаги хотин-қизлар эга бўлиши мумкин:

1. Кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;

2. Тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;

3. 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;

4. Шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;

5. Ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;

6. Ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;

7. Олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).

Юқоридагилар ичидан “ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар” мезони Сиздаги вазиятга бироз яқин, бироқ бу ерда жумлалар оиладаги ногирон фарзанд ҳақида кетяпти.

Сиздаги ҳолатда ногирон шахс, оиладаги фарзанд эмас, балки оиланинг каттаси, яъни ота ҳисобланмоқда.

Шунинг учун, ногиронлик билан боғлиқ ушбу мезон Сиздаги вазиятга тўғри келмайди, деган фикрдаман.

Лекин Сиз умидсизликка тушманг, қолган 6 та мезонларга яхшилаб аҳамият беринг, Сиздаги вазият қолган мезонларга тўғри келиб қолиши ҳам мумкин.

Манба: YURISTKADR

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Tepa