Етимларга ОТМ контрактларини тўлашда енгиллик борми?

Отам вафот этганлар, онам кўзи ожиза I гуруҳ нафақадалар. Мен контракт тўловчи талабаман, ёлғиз фарзандман. Ҳокимятга шартнома тўловига ёрдам қилишини сўраб арз қилдим ва чин етим эмаслигимни важ қилишди. Қонунларимизда чин етимларга тенглаштирилган шахслар деган ҳужжат мавжудми, бор бўлса қандай олинади.

Мазкур саволингизда бир нечта важлар келтирганлигингиз ҳамда айни дамдаги оилавий шароитингизни инобатга олиб, жавобни кенгроқ ёритиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб билдим.

Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрь, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-сонли  Қонун талабларига кўра  отасидан ҳам, онасидан ҳам жудо бўлган (чин етим) болалар саналиши назарда тутилган.

Демак, юқоридаги қайд қилинган қонун талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, Сизнинг онангиз ҳозирда ҳаётлигини, отангиз эса вафот этганлигини инобатга олиб,  (етим бола) саналишингизни маълум қиламиз.

Бундан ташқари, Сиз айни дамда талаба эканлигингизни ва оилавий шароитингизга кўра, тўлов контракт маблағларини тўлашда ёрдам сўраб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ариза билан мурожаат қилсангиз мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сабаби, Edu.uz’нинг расмий канали орқали талабаларга контракт тўлови бўйича енгилликлар берилиши тўғрисида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги БАЁНОТИ берилган.

Унга кўра, Пандемия шароитида аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, бугунги кунда белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорлари ўқитишнинг минимал харажатларини қоплай олмаётганлигига қарамасдан, фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқийдиган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги 2020/2021 ўқув йилида амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилиши, талабаларни қўллаб-қувватлаш ушбу чегирма билан тўхтаб қолмаслиги, шу билан бир қаторда, олий таълим муассасалари томонидан етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, “темир дафтар” рўйхатидаги оилалар фарзандлари бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилиши, бунда олий таълим муассасалари мавжуд маблағлари ҳисобидан талабаларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, 4,0 млн. сўмгача молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлиши.

Мазкур баёнатдан келиб чиқиб, Сизнинг отангиз вафот етганлиги сабабли, етим бола саналишингизни, ёки оилангиз шаҳар (туман) овул ёки маҳалла фуқаролар йиғинида “темир дафтар” рўйхатида турган бўлса, Сиз мазкур имтиёздан фойдаланишингиз мумкинлигини, бунинг учун эса контракт тўлови бўйича енгилликлар берилиши тўғрисида шаҳар (туман) ҳокимлигига эмас, балки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ариза билан мурожаат қилсангиз мақсадга мувофиқлиги эканлиги маълум қиламиз. Шаҳар (туман) ҳокимлиги эса мазкур аризангиз юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилиш тартибини тушунтириши лозим эди.

Манба: Юрист Хизмати

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Tepa