Шахс 50 ёшдан ҳам пенсияга чиқиши мумкинми?

Шахс 50 ёшда ҳам пенсияга чиқиши мумкинми? Қандай имтиёзлар билан чиқиши мумкин?

Аслида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига асосан ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига: эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда; аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Лекин, ушбу Қонунда имтиёз шартлар сифатида:

– ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимлар (10-модда);

– умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар (11-модда);

– умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, вазифалар ва кўрсаткичлар (12-модда);

– умумий белгиланган ёшни бир йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлар (12-1-модда);

– ёшга доир пенсияларни муддатидан олдин тайинланадиган шахслар (14-модда) бор.

Масалан, кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимлар – башарти, улар ана шу ишларда камида 20 йил ишлаган бўлсалар ёшидан қатъи назар, пенсияга чиқишлари мумкин. Учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар, улар хизмат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар, белгиланган хизмат муддатини ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар камида 20 йил адо этганлари тақдирда пенсияга чиқа оладилар.

Ёки, ерости ишларида, меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар: эркаклар – иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда; аёллар – иш стажи камида 15 йил бўлиб, бундан камида 7 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ёки, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса, (башарти, аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса) иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда – белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Яна бир маълумот: технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан (МК 100-модда иккинчи қисми 1-банди билан) ишдан бўшатилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар:

– эркаклар – 58 ёшга тўлганда (икки йил аввал) ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;

– аёллар – 53 ёшга тўлганда (икки йил аввал) ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Қуйидаги қўшимча асосларга қаранг.

Манба: YURISTKADR

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Tepa