Ногиронлиги бўлган шахслар нафақаларини ТМЭК томонидан тўхтатилиши мумкинми?

Мен II гуруҳ ногирониман. Карантин даврида ТМЭК қайта кўрик муддати яқинлашган ногиронларнинг қайта текшируви автоматик сурилади то пандемия ҳавфи бартараф этилмагунча деб эшитган эдим, лекин ҳозирда, шу ойдан нафақам ТМЭК томонидан тўхтатилди. Қайси қонунга кўра тўхтатган бунга ҳаққи борми? Шу ҳақида маълумот берсангиз. Кимга мурожаат қилсам бўлади. Ҳамма ҳўжжатларим анкета, касалхона ва варақаларим жойида.

Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 2020 йил 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан карантин даврида ногиронлик муддати тугайдиган фуқароларни қайта кўрикдан ўтказмасдан, ногиронлик муддатлари автоматик тарзда узайтирилган ҳолда пенсия (нафақа) тўловлари давом эттирилиши белгиланган эди. Аммо ушбу қоида карантин даврида амал қилди ва бугунги кунда карантин қоидалари юмшартилганлиги сабабли сиз қайта курикдан ўтиб, ТМЭК хулосасига асосланиб ушбу нафақа турини олишингиз мумкин.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 107-сонли қарорида нафақа тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатилиши белгиланган, яъни:

– давлат пенсияси турларидан бири тайинланганда;

– нафақа олувчи белгиланган муддатларда қайта кўрикдан ўтмаганда (ТМЭК хулосасига асосан);

– нафақа олувчи доимий яшаш учун Ўзбекистондан чиқиб кетганда;

– нафақа тайинланган шахслар тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда;

– озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилган тақдирда.

Шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 55-моддасига мувофиқ агар ногирон узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда қайта кўрикдан ўтиш учун ТМЭКга бормаган бўлса, унга пенсия тўлаш тўхтатиб қўйилади, уни яна ногирон деб тан олинган тақдирда тўхтатиб қўйилган кундан, лекин кўпи билан ўтган бир ойдан бошлаб пенсия тўлаш давом эттирилади.

Узрли сабабга кўра қайта кўрикдан ўтиш муддати ўтказиб юборилганда, агар ТМЭК уни ана шу даврда ногирон бўлган деб топса, пенсия тўлаш тўлов тўхтатиб қўйилган кундан бошлаб то қайта кўрикдан ўтиш кунигача, лекин кўпи билан ўтган уч йил учун давом эттирилади. Бунда ногирон қайта кўрикдан ўтказиш чоғида ногиронликнинг бошқа гуруҳига (юқори ёки паст гуруҳга) ўтказилган бўлса, пенсия кўрсатиб ўтилган вақт учун аввалги гуруҳ бўйича тўланади.

Умумий касаллик оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган ногиронга меҳнат қобилияти тикланганлиги сабабли пенсия тўлаш тўхтатилган ёки узрсиз сабабларга кўра қайта кўрикдан ўтишга келмаганлиги оқибатида тўхтатиб қўйилган бўлса, уни яна ногирон деб тан олинган тақдирда, агар пенсияни тўлаш тўхтатилганидан кейин беш йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, илгари тайинланган пенсияни тўлаш ногиронлик белгиланган кундан бошлаб давом эттирилади. Агар беш йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса, пенсия яна умумий асосларда тайинланади.

Саволга Нурья БЕРДИНИЯЗОВА,
 “Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

Манба: “Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган
шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Tepa