Абитуриент 53,6 балл тўплаб техникумига қабул қилинмади

Мен II гуруҳ ногирониман. Нукус шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги техникумнинг стоматология факультетига топшириб, 53,6 балл тўпладим. Лекин менга ўқишга қабул қилинмадингиз, сизга имтиёз қўлланилмади деди. Ушбу ҳолатда мен қаерга мурожаат этишими мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 715-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) ташкил этилади.

Абитуриентлар кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун аризага қўшимча  равишда белгиланган муддатда I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган, «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчиси ёки кам таъминланган оила фарзанди бўлган абитуриентлар тегишлилиги бўйича ногиронлик гувоҳномаси нусхаси, туман (шаҳар) ҳокимининг «Меҳрибонлик уйлари»га жойлаштириш бўйича қарори ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига асосан туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимлари томонидан шакллантирилган маълумотни электрон платформага юклайди. Электрон платформага юкланган ҳужжатлар «PDF» (portable document format) форматида сканер қилинган бўлиши лозим. Сканер қилинган ҳужжатларнинг талаб даражасида бўлмаслиги абитуриентнинг рўйхатдан ўтказилмаслигига асос бўлади.

Шунингдек профессионал таълим муассасаларида абитуриентлар мурожаатларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссиясининг таркиби профессионал таълим муассасаси директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Апелляция комиссияси раиси таълим муассасаси директори ҳисобланади.

Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчилар (васийлар) тест синовлари тўлиқ якунланиб, танлов натижаси эълон қилингандан сўнг икки кун давомида профессионал таълим муассасасида ташкил этилган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.

Шуни ҳам айтиб ўтишим жоиз, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида масъул котиб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайинланади.

Саволга Нурья БЕРДИНИЯЗОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

Манба: “Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган
шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Tepa