Коммунал тўловлардан имтиёзлар белгиланганми?

Мен II гуруҳ ногирониман. Менга коммунал тўловлардан имтиёзлар белгиланганми?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 30 декабрда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга кўра қуйидаги тоифалар учун коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 45 фоизи миқдорида компенсация пул тўловлари берилади:

а) 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар. Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1 ва 2-сон иловаларида белгиланган;

б) ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;

в) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва «Слава» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;

г) фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;

д) Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;

е) кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлари;

ж) Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;

з) ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида компенсация пул тўловлари берилади.

1941-1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларига коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида компенсация пул тўловлари берилади.

Юқоридаги тоифага мансуб бўлган шахсларга компенсация уни олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан тайинланади.

Демак, юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёзли шахслар рўйхатида II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга компенсация берилиши кўрсатилмаганлиги сабабли бу имтиёз ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Саволга Нурья БЕРДИНИЯЗОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

Манба: “Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган
шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Tepa