III гуруҳ ногиронлиги бўйича ариза ёздириб олишди

Мен болаликдан ногиронман. Менга II ва III гуруҳ ногиронлиги бўйича нафақа тўлаб келишди. Мана шу тиббий кўриклардан доимий равишда ўтиб келганим учун 2012 йилда менга муддатсиз II гуруҳ ногиронлигини беришди. Бироқ орадан бир йил ўтиб 2013 йилда ҳеч қандай тиббий кўрик бўлмасдан туриб, менга III гуруҳ ногиронлиги бўйича ариза ёздириб олишди. Шу тўғрими?

Вазирлар Маҳкамасининг 252-сонли қарорига кўра 2011 йил 1 январдан кейин ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга, шу жумладан, такрорий тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга ногиронлик пенсияси тайинланмайди ва тўланмайди, Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлигини олган шахслардан ташқари.

Мисол: Фуқарога 2010 йилда тайинланган III гуруҳ ногиронлик пенсияси ногиронликнинг бутун даври давомида тўланади. Ушбу фуқаро 2011 йил 1 январдан кейин такрорий тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг қайта ногиронликнинг III гуруҳи белгиланса пенсия тўланиши тўхтатилади.

Пенсионер соғлиғининг ҳолати ва яшаш фаолиятининг чекланганлиги даражаси ўзгарганда, ТМЭКнинг асоссиз қарори ҳолатлари аниқланганда, ногиронликни белгилашнинг тўғрилигини текширишларда, шунингдек агар ТМЭК қарори сохта ҳужжатлар асосида чиқарилган бўлса пенсионер белгиланган тартибда ўтказиладиган такрорий тиббий кўрикдан ўтказиш учун келмаган тақдирда пенсияни тўлаш тўхтатиб қўйилади ва у фақат фуқаро ТМЭКга янгидан мурожаат қилган ва I ёки II гуруҳ ногирони деб эътироф этилган кундан бошлаб тикланиши мумкин.

Агар ногирон қайта тиббий кўрикдан ўтказишга келмаганлиги сабабли пенсия тўлаш вақтинчалик тўхтатиб турилса ва қайта тиббий кўрикдан ўтказилгандан кейин фуқаро ногирон деб эътироф этилмаса, у ҳолда пенсия тўлаш вақтинчалик тўхтатиб турилган кундан бошлаб тўхтатилади.

Қайта тиббий кўрикдан ўтказилган шахс меҳнатга лаёқатли деб эътироф этилган тақдирда пенсия у меҳнатга лаёқатли деб эътироф этилган ойнинг охиригача, бироқ ногиронлик белгиланган кундан ортиқ бўлмаган муддатга тўланади.

Шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 195-сонли қарорига кўра даволовчи врачлар ва ДПМнинг даволаш-маслаҳат комиссиялари (кейинги ўринларда ДМК деб аталади) раислари ногиронлик гуруҳи қайта тиббий кўрикдан ўтказиш муддати кўрсатилган ҳолда белгиланган фуқароларни ТМЭКда тиббий текширишга юбориш учун ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўғри расмийлаштирилиши юзасидан шахсан жавоб берадилар.

Кўрсатиб ўтилган муддатлардан олдин қайта тиббий кўрикдан ўтказиш, белгиланган тартибда, соғлиқнинг ҳолати ва ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражаси ўзгарганда, ногиронликни белгилашнинг тўғрилиги бош ТМЭК, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан текширилганда, ТМЭК қарорининг асоссизлиги ҳолатлари аниқланганда, шунингдек агар ТМЭК қарори сохта ҳужжатлар асосида чиқарилганда ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда амалга оширилади.

Муддатсиз ногиронлар деб эътироф этилган шахслар ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларда қайта тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин.

Органлар функциялари ҳамда организм тизимларининг қайта тикланадиган, такрорий морфологик ўзгаришлари ва бузилишлари содир бўлганда, даволашнинг ва ўтказилган реабилитация тадбирлари самарадорлигини, соғлиқнинг ҳолатини ҳамда ижтимоий мослашиш даражасини кузатиш мақсадида ногиронларни такрорий қайта тиббий кўрикдан ўтказишлар ногиронлик белгиланган вақтдан бошлаб олти ойда, бир ёки икки йилда бир марта амалга оширилади.

Такрорий қайта тиббий кўрикдан ўтказиш учун ТМЭК ногиронга қайта тиббий кўрикнинг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи кўрсатилган билдиришнома юборади.

Зарур даражада хабардор қилинган шахс, узрли сабаблардан (стационар даволанишда, хизмат сафарида ёки ўқишда бўлишдан) ташқари, қайта тиббий текширишга келмаган тақдирда,унга қайта тиббий кўрикнинг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи кўрсатилган такрорий билдиришнома юборилади.

Зарур даражада хабардор қилинган шахснинг қайта тиббий кўрикдан ўтказишга узрли сабабларсиз такроран келмаганлиги такрорий қайта тиббий кўрикни ўтказишнинг белгиланган санасидан кейин 10 кун ўтгач ногиронлик бўйича пенсияни тўлашни тўхтатиб қўйиш учун асос ҳисобланади.

Ногиронлик бўйича пенсия тўлашни тўхтатиб қўйиш ногироннинг доимий яшаш жойига борган ҳолда тузилган ногироннинг такрорий қайта тиббий кўрикдан ўтказишга келмаганлигини тасдиқловчи далолатнома асосида, фуқароларнинг тегишли маҳалла, шаҳарча, қишлоқ ёки овул йиғини, ТМЭК, ТМК ва Пенсия жамғармаси бўлими вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Кўрсатиб ўтилган далолатнома асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари пенсия тўлашни далолатнома тузилган санадан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб тўхтатиб қўяди.

Бундай шахсларга ногиронлик пенсияси тўлашни тиклаш фақат бош ТМЭКларнинг тўловлар тўхтатиб қўйилган кундан бошлаб фуқаро соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги эксперт қарори асосида амалга оширилади.

Тиббий кўрикдан ўтказилувчи туман, туманлараро, шаҳар, ихтисослаштирилган ТМЭК қарорига рози бўлмаган тақдирда у бир ой мобайнида бош ТМЭКга ёки, белгиланган тартибда, судга мурожаат қилиши мумкин.

Сиз умумий тартибда тиббий кўрикдан ўтадиган бўлсангиз, яъни соғлиғингиз ҳолатидан шикоятитнгиз бўлса ва ногиронликни белгилатиш истагида бўлсангиз ҳудудий даволаш-профилактика муассасасига мурожаат этишингиз мумкин ва сизга соғлиғингиз ҳолатида келиб чиқиб ТМЭКга йўлланма берилади.

Саволга Нурья БЕРДИНИЯЗОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

Манба: “Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган
шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Tepa