Кўзи ожизларнинг имтиёзлари

«Кўзларим ожизлиги учун I гуруҳ ногирониман. Хотиним вафат этган. Уғил-қизларим ўз оилалари билан бошқа жойларда яшашади. Қаровчига муҳтожман. Менга қараб туришга истак билдирганлар бор. Менга қаровчи пенсияга чиққанида қаров даври иш стажига ҳисобланадими? Мен ва мени кузатиб чиққан шахс транспорт воситаларида, жумладан, поездда бепул юриш имтиёзига эга бўламизми? Хасталик давримда даволаниш учун дори-дармонлар билан бепул таъминланаманми?

— Аввало, қаровчига муҳтожлик билан боғлиқ саволга тўхталамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 35-бандига мувофиқ, I гуруҳ ногиронига ҳақиқатда қараб турилган давр қаровчи камида 5 йиллик иш стажи билан ёшга доир пенсияга чиқаётган пайтида унинг иш стажига киритилади.

Муҳтож ногиронга қаровни амалга оширадиган алоҳида давлат хизмати ҳам бор. Чунончи, «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида ўзгаларнинг парваришига ва ёрдамига муҳтож ногиронларга туман (шаҳар) меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари томонидан уйида тиббий ва маиший хизматлар кўрсатилиши белгилаб қўйилган.

Адлия вазирлигида 2011 йил 11 июлда 2243-сон билан рўйхатга олинган «Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларга уйда ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳақида»ги Низомда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларга уйда ижтимоий ёрдам кўрсатишни амалга ошириш тартиби белгиланган.

Ушбу Низом асосида ёлғиз қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз (биринчи, иккинчи гуруҳ ногиронлари) ҳисобланувчи ёлғиз фуқароларга уйида хизмат кўрсатиш ишлари ташкил этилади.

Муҳтожга уйида хизмат кўрсатишни «Ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати» деб номланувчи хизмат ходимлари амалга оширади. Жумладан, уйида хизмат кўрсатишга фарзандлари (шунингдек, фарзандликка олинган болалари) ва яқин қариндошлари билан бирга яшамайдиган I ва II гуруҳ ногиронлари, кекса ёки I ва II гуруҳ ногирони бўлган эр-хотинлар ҳам қабул қилинади.

Ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати ёлғиз фуқароларга хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлардан (кейинги ўринларда — ижтимоий ходимлар дейилади) ташкил топади ва туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари таркибий тузилмаси ҳисобланади.

Ижтимоий ходимлар ёлғиз фуқароларга бевосита қуйидаги ижтимоий хизматларни кўрсатади:

а) зарур озиқ-овқат, саноат маҳсулотлари ва дори-дармонларни уйга етказиб беради;

б) уй-жой ашёлари ва кийим-кечакларни ювади, кимёвий тозалашга топширади, таъмирлайди ва уларни етказиб беради;

г) қариндош ва дўстлар билан ёзишмалар олиб бориш билан боғлиқ илтимослар ва бошқа турдаги бир марталик топшириқларни бажаради.

Уйида хизмат кўрсатишга қабул қилинадиган қаровга муҳтож шахслар туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштирокида аниқланиб, рўйхатга олинади ва бу рўйхат туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Юқоридагилардан кўринадики, сиз ёлғиз яшаётган, қаровга муҳтож ногирон сифатида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига уйда хизмат кўрсатишга қабул қилишни сўраб ариза билан мурожаат этишингиз ва бу масалада маҳалла фукаролар йиғини кўмагидан фойдаланишингиз лозим.

Транспорт воситаларида бепул юриш ҳукуқига келсак, «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ кўзи ожиз ногиронлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга ҳам шаҳар йўловчилар транспортида бепул юриш хукуқи берилган.

Адлия вазирлигида 2013 йил 4 мартда 2434-сон билан рўйхатга олинган «Шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқига эга шахсларга қатъий ҳисобда турадиган, белгиланган намунадаги, эгасининг номи ёзилган ҳужжат — гувоҳнома берилади. Гувоҳномани шаҳар йўловчи транспортини бошқариш органлари, яъни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти ҳамда вилоят маркази ҳисобланган шаҳарлар, шунингдек 5 Нукус шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги йўловчи транспортини бошқариш ташкилотлари беришади.

Гувоҳнома эгаси Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқига эга.

Кўзи ожиз ногиронларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар учун белгиланган шаклдаги варақа берилади. Мазкур варақа гувоҳнома эгасига ҳамроҳлик қилиш вақтидагина ҳақиқий ҳисобланади.

Сиз  ва  сизга ҳамроҳлик қилувчи шахс Термез шаҳар йўловчи транспортини бошқариш ташкилотига ариза билан мурожаат этиб, гувоҳнома ва варақани олишлари лозим.

Шуни таъкидлаш жоизки, бошқа жойларда яшашса-да, болаларингиз борлиги учун сиз ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионер ҳисобланмайсиз ва бундай тоифа шахсга белгиланган имтиёзлардан фойдалана олмайсиз. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан Тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш Қоидалари»да темир йўлларда йилига бир маротаба бепул юриш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасига кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлари киритилмаган.

Сиз яна бир қатор бошқа имтиёзларга эгасиз. Жумладан:

Адлия вазирлигида 2012 йил 27 апрелда 2356-сон билан рўйхатга олинган «Ногиронлар ва кексаларни бепул санатория-курорт йўлланмапари билан таъминлаш тартиби тўғрисида»ги Йўриқномага мувофиқ ишламайдиган ёлғиз кексалар (навбат асосида) ҳар йили I ва II гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс эса (навбат асосида) икки йилда бир маротаба санаторийларда даволанишга бепул йўлланма олишга ҳақли.

Бундан ташқари, агар сизнинг болаларингиз сиз яшаётган уйда пропискадан ўтмаган, балки бошқа манзил бўйича прописка қилинган ва яшаётган бўлсалар амалдаги Солиқ кодексининг 290-мод-дасининг 5-банди асосида ёлғиз пенсионер сифатида ер солиғи тўловидан озод қилинасиз. Чунки мазкур моддада ёлғиз яшовчи пенсионер ёлғиз пенсионер ҳисобланиши эътироф этилган.

Шунингдек, сиз Солиқ кодексининг 180-моддасига мувофиқ I гуруҳ ногирони сифатида жисмоний шахсларга солиқ солишдан қисман, яъни даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари микдоридаги даромадлар бўйича озод қилинасиз.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигида 2010 йил 30 декабрда 2175-сон билан рўйхатга олинган «Уй-жой-коммунал ҳизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисида»ги Низомга мувофиқ кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлари энг кам иш ҳақининг 45 фоизи миқдорида ойлик компенеация пул тўловлари олувчилар ҳисобланади ва уларга компенсациялар ҳар ойда пенсия (нафақа) олиш жойида тўланади.

Давлатга қарашли даволаш-профилактика муассасаларида сиз каби ногиронлар бепул даволаниши таъминланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни янада чукурлаштириш тўғрисида»ги 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214 сонли Фармонига биноан урология, хирургия, кўз микрохирургияси ва кардиология каби Республика ихтисослаштирилган Марказларида улардаги ўринлар сони ҳамда таркибидаги поликлиникалар қувватининг 20 фоизигача бўлган ҳажмда I ва II гуруҳ ногиронлари бепул даволаниш ҳуқуқига эгадирлар.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Даволаш-профилактика  муассасаларини маблағ билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги 1997 йил 2 декабрдаги 532-сон қарори билан I ва II гуруҳ ногиронлари турғун даволаш-профилактика муассасаларида даволаш даврида овқатланиш тўловидан озод қилинган.

Манба: «ШИФО-инфо» №10 (473), 2014

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan

Tepa