Мурувват кўнгилдан бошланади

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги «Мурувват» ногирон хотин-қизлар интернат уйида бўлган киши янги, ҳашамдор бинони, унинг атрофидаги ободликни, масканга чирой бағишлаган турфа гулу райҳонларни, мевали ва манзарали дарахтларни кўриб, кўзи қувнайди. Бино ичкарисига киришингиз билан даҳлизда хотин-қизларнинг чиройли хонишлари қулоққа чалинади. Зал бўйлаб юрар экансиз, қўл меҳнати намуналари кўргазмаси эътиборингизни тортади.

«Мурувват» уйи янги бинога муҳтож эди…

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Хўжайли туманидаги интернат уйида бўлиб, яратилган шароитлар талаб даражасида эмаслиги, «Мурувват» уйи биносининг таъмирталаб ҳолатда эканини таъкидлаб, керакли кўрсатмаларни берган эди. Давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида «Мурувват» уйи учун Нукус шаҳри ҳудудида алоҳида ер участкаси ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Икки қаватли, 250 ўринга мўлжалланган замонавий иморат қурилиши «Инвестстрой Нукус» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди.

Еттита корпусга эга иншоотдан ётоқхона, даволаш бўлими, ошхона, кутубхона, тикувчилик цехи, спорт майдончалари ўрин олди. Ётоқхоналарда беморлар учун барча шароитлар яратилди.

— Аввалги бино умумий тоифадаги ногиронларга мўлжалланган бўлиб, 1989 йилда қурилган ва таъмирталаб ҳолатда эди, — дейди «Мурувват» ногирон хотин-қизлар интернат уйи директори Лидия Ким. — Бу ерда, асосан, психоневрология хасталигига чалинган беморлар даволанади. Уларнинг аксарияти ногиронлар аравачасида ҳаракатланади. Бино йўлакларининг жуда торлиги ногиронлар аравачаси юриши учун ноқулайликлар туғдирарди.  Янги мажмуада эса беморлар учун барча шароитлар мужассам қилинган. Зарур шароитларни яратиш ишларига қўшимча 2 млрд. 252 млн. сўм маблағ сарфланди.

«Вақтимиз мазмунли ўтмоқда»

Меҳнат мураббийи Людмила Юсупованинг айтишича, 10 та замонавий тикув машинаси ёрдамида йигирма нафардан зиёд аёл кийим-кечак тикиш билан банд. Кашта тикувчилар эса либосларга ўзгача жило, чирой бағишламоқда. Имконияти чекланган хотин-қизлар тўқиган пайпоқлар, кийимлар кам таъминланган оилалар фарзандларига улашилмоқда.

Интернатнинг рассомчилик ва кулолчилик тўгарагида шуғулланаётган 8 нафар аёлнинг ижод намуналарида акс этган табиат манзаралари, натюрмортлар кишига завқ бағишлайди. Лойдан ясалган қўғирчоқлар, турли қопқоқлардан тайёрланган декоратив буюмлар эса хотин-қизларнинг маҳоратини ўзида намоён этган.

— Навоий шаҳридан интернатга келганимга 5 йил бўлди, — дейди Нилуфар Кулиева. — Тикувчилик ва каштачилик билан шуғулланаман. Кўйлакларга гул қоғоздан, ипдан нақшлар тўқийман. Бу ерда вақтимиз мазмунли ўтади. Боиси қўл меҳнати тўгаракларидан бўш пайтимизда спорт билан шуғулланамиз, шинам кутубхонада китоб ўқиймиз, мириқиб суҳбат қурамиз. Ота-онам тез-тез келиб хабар олиб туришади. Бу ерда яратилган шароитлардан мамнунмиз.

Мурувват кўнгилдан бошланади, дейишади. Мазкур маскандаги қувноқ кайфият, мазмунли ва мароқли турмуш тарзини кўриб ногиронлиги бор хотин-қизлар ўз ҳаётидан мамнун эканига яна бир бор амин бўлдик. Улар ўз нуқсонидан нолиб эмас, балки қўл меҳнати билан нималарга қодир эканини намоён этишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг соғлиғига, кайфиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётир.

Омирбай ЕСБЕРГЕНОВ

«Mahalla»

Манба: mahalladosh.uz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Tepa