II-гурух ногиронларини ҳуқуқлари нималардан иборат?

II-гурух ногиронларини ҳуқуқлари нималардан иборат?

Ногиронлиги бўлган шахсларга меҳнат, солиқ ва бошқа бир қатор соҳаларда имтиёзлар кўзда тутилган. Шу каби имтиёзларга батафсилроқ тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Меҳнат муносабатларида бериладиган имтиёзлар:

Иш берувчи минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи томонидан йўлланган ногиронларни ишга қабул қилиши шарт.

ТМЭКнинг ногиронларга тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатиш, уларнинг вазифасини камайтириш ва меҳнатнинг бошқа шартлари ҳақидаги тавсияларини бажариш иш берувчи учун мажбурийдир.

I ва II-гуруҳ ногиронларига меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

I ва II-гуруҳ ногиронларига ўттиз календар кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади.

Ногиронларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

I ва II гуруҳ ногиронлари учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар:

Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисми 5-бандига асосан, болаликдан ногирон бўлиб қолганлар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлари даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади. Имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Солиқ кодексининг 275-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронларининг эгалигида бўлган мол-мулкка қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ солинмайди. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Солиқ кодексининг 290-моддаси 4-бандига асосан, I ва II гуруҳ ногиронлари жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинадилар. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилинишлари мумкин.

Манба: Юрист Хизмати расмий канали

“Disability Rights” – Ногирон ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Tepa