Ногиронлиги бўлган ходим 25 соат дарс олишга ҳақлими?

Мактаб ўқитувчиси 4 ой узлуксиз касаллик варақаси очиб даволангач, ВТЭК хулосаси (II гуруҳ ногирони, меҳнат фаолияти чекланган) билан келиб яна қайтадан ўзининг аввалги ишини (25 соат дарс) тўлиқ талаб қилиб олиб ишлаши мумкинми?

Агар ногиронлик учун асос бўлган касаллик унинг меҳнат фаолиятини олиб боришга, соғлиги ҳолати ёмонлашиши таъсир кўрсатмаса, унда мумкин деб ҳисоблаймиз.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун ушбу инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги асосий қонун 42-моддаси иккинчи қисмида меҳнат муносабатларининг барча шаклларига нисбатан, шу жумладан ишга қабул қилиш шартларига, ишга ёллашга, меҳнат фаолиятини амалга оширишга, ишни сақлаб қолишга, хизматда (ишда) лавозим бўйича кўтарилишга, шунингдек хавфсиз меҳнат шароитлари таъминланишига нисбатан ногиронлик белгисига кўра камситиш тақиқланиши белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодекси 220-моддасига биноан:

– I ва II гуруҳ ногиронларига меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

– I ва II гуруҳ ногиронларига ўттиз календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади.

Дарс масаласига келсак, бу бўйича аниқ жавоб бера олмаймиз. Негаки бу масала “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами № 3271)га мувофиқ дарслар ўқитувчилар ўртасида устувор кетма-кетлик асосида тақсимланади. Бунда низомнинг 15-бандидаги кўрсаткичлар инобатга олинади.

Мазкур кўсаткичларга мувофиқ дарс соатларини тақсимлашда ўқитувчининг эришган ютуқлари (бунда ўқувчиларининг олимпиадаларда олган ўринлари, чет тили бўйича олинган сертификатлар, кўрик танловларда иштироки ва бошқалар) ҳамда малака тоифаси, маълумоти кабилар инобатга олиниши лозим.

Ушбу низомда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларга дарсларни камроқ бериш ҳақида қоида йўқ.

Шунинг учун, аввал таъкидланганидек, дарс соатлари унинг соғлиги ҳолатига таъсир кўрсатмаса, бериш мумкин.

Ҳурматли фуқаро саволда аниқ муддатлар белгиланмаган. Агар ўша ходим 2020/2021 ўқув йили бошида 3271-сонли низомга мувофиқ 25 соат дарс олган ва маълум вақт ўтгач даволанишга чиқиб ҳозир қайтган бўлса, унда ўз дарсини олишга ҳақли бўлади.

Бироқ аввалги яъни 2019/2020 ўқув йилида ўша соатларни олган бўлса-ю, ҳозир келиб дарс талаб қилаётган бўлса, унда ходимга 3271-сонли нозим 15-бандидаги қоидаларни инобатга олган ҳолда дарс бериш керак деб ҳисоблаймиз.

Манба: Юрист Хизмати

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Tepa